Жиноят ҳуқуқи махсус қисми тушунчаси, вазифаси, предмети
Мавзу: Жиноят ҳуқуқи махсус қисми тушунчаси, вазифаси, предмети ва тизими Режа: 1. Жиноят ҳуқуқи Махсус қисми тушунчаси, вазифаси, предмети ва тизими. 2. Жиноятларни квалификация қилишнинг илмий асослари.
1 . Жиноят ҳуқуқи махсус қисми тушунчаси, вазифаси, предмети ва тизими. Ўзбекистон Республикасининг амалдаги жиноят қонунида жиноий жавобгарликка тортиш ҳамда содир этилган ижтимоий хавф ли қилмиш учун қонун нормалари доирасида жазо тайинлаш назарда тутилган, унинг ўзига хос хусусиятларини ифодаловчи, ҳуқуқ тизимининг мустақил тармоғи эканлигини белгиловчи ва ҳуқуқнинг бошқа турларидан ажратиб турувчи ўзига хос тамойилларга эгадир. Бу тамойиллар жиноятчиликка қарши кўрашда давлат сиёсатини, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишга хизмат қилади. Жиноят ҳуқуқининг Умумий қисмига жавобгарликнинг принциплари, асослари ва чегаралари, ижтимоий хавфли қилмишни содир этган шахсга нисбатан қўлланиадиган жазо турини ифодаловчи нормалар киритилган. Ундан фарқли равишда, Жиноят ҳуқуқининг Махсус қисмида аниқ бир жиноятни содир этган шахсга нисбатан суд томонидан қўлланилиши мумкин бўлган жазо чегаралари киритилган. Фан сифатида жиноят ҳуқуқининг Умумий ва Махсус қисмлари қонун билан қўриқланадиган объектларига эга, яъни давлат томонидан муҳофаза қилинадиган ижтимоий муносабатларни қўриқлайди. Жиноят ҳуқуқи Умумий ва Махсус қисмларининг ўзаро боғлиқлиги шундаки, шахс айбли, деб ҳисобланаётган ижтимоий хавфли қилмиш ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ҳар икки қисмнинг нормалари қўлланилгандагина, аниқ мазмунга эга бўлади. Ушбу қисм нормаларисиз бундай кўрашни амалга ошириб бўлмас эди, чунки уларсиз ижтимоий хавфли қилмишни конкретлаштириш ва содир этилган жиноят таркибини белгилаш имкони йўққа чиқар эди. Махсус қисмда ҳар бир жиноятнинг тури ва белгилари, шунингдек, содир этилган қилмиш учун жазо чоралари аниқ кўрсатилган. Жиноят ҳуқуқи Махсус қисмининг асосий вазифаси шахсни, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлат манфаатларини, мулкни, табиий
муҳитни, тинчликни, инсоният хавфсизлигини жиноий тажовузлардан қўриқлаш, шунингдек жиноятларнинг олдини олиш, фуқароларни Республика Конституцияси ва қонунларига риоя қилиш руҳида тарбиялашдан иборатдир (ЖК 2-моддаси). Жиноят ҳуқуқининг махсус қисми бу аниқ бир жиноят ҳақидаги фан. Ҳар бир қилмишни алоҳида анилиз қилиш, бу жиноятнинг ўзига қос белгиларини аниқлаш, ва тўғри квалификациялашга ёрдам беради. Ҳар бир жиноятни бир бири билан таққослаш йўли билан, жиноятларни бир биридан фарқи, жиноятни тўғри квалификация қилиш учун зарур бўлган тавсиялар ва қонунда томонидан белгиланган ҳар бир жиноятнинг аниқлиги келиб чиқади. Махсус қисм нормаларини қўллашда ҳуқуқнинг асосий манбаи ҳисобланмиш Ўзбекистон Республикаси Конституциясига амал қилиш лозим. Жиноят ҳуқуқи Махсус қисми нормаларини тўғри қўллашда Ўзбекистон Республикаси судлари учун мажбурий бўлган Махсус қисмнинг тегишли нормалари шарҳланган Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг қарорлари муҳим аҳамиятга эгадир. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарорлари суд амалиётини умумлаштиради, жиноятларни квалификация қилишда судлар томонидан йўл қўйилган хатоларни аниқлайди ва амалда турлича изоҳланиб келинаётган қонуннинг моҳияти ва амалда татбиқ этилиши юзасидан тушунтиришлар беради. Жиноят ҳуқуқининг махсус қисми суд тергов органлари, жиноятнинг статистик кўрсаткичларини аниқлаш ва Ўзбекистон Республикасида ва алоҳида вилоятларда содир бўлаётган барча жиноятлар статистикасини ўз ичига олади. Ўзбекистон Республикаси жиноят қонунлари Конституция ва халқаро ҳуқуқ нормаларига асосланган Республика Жиноят кодексидан иборатдир. Шу сабабдан жиноят ҳуқуқи Махсус қисми Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси тизимига тўла мос келади. Махсус қисм нормалари илмий асосланган тизимга биноан жойлаштирилган. Бу тизим нормаларининг ўзини тўғри тушунишга, уларнинг ўрганилишини енгиллаштириш ва уларни амалда
қўллашда вужудга келадиган чалкашликларни бартараф этишга хизмат қилади. Масалан, безорилик кўп содир этиладиган жиноятлардан бири бўлганлиги сабабли у ЖК Махсус қисми биринчи бўлимида назарда тутилган жиноятларга ўхшаш туюлади. Аммо, жиноят қонунида безорилик «Жамоат тартибига қарши жиноятлар», деб номланувчи ХХ бобга жойлаштирилган, чунки бу жиноятнинг объектив белгилари дўппослаш, баданга шикаст етказиш, ўзганинг мулкига зарар етказиш, ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш, ўқотар қуролни қўллаш ва ҳ.к.ларни қамраб олади. Шундай қилиб, қонунда уни тавсифловчи, яъни бошқа моддаларда мустақил жиноят таркибини ташкил этувчи ҳусусияти ва ўрганилган белгиларига асосан безорилик жиноятининг Кодексда тўғри жойлаштирилган. Юқорида айтилганлар жиноят ҳуқуқи Махсус қисмининг бошқа бобларида ҳам ўрганилади. Шундай қилиб, Жиноят ҳуқуқи махсус қисми курсининг тизими деганда, ЖКнинг бўлими, боби ва алоҳида моддаларининг жайлашиши ва уларни ўрганилиши тушунилади. Тизим моддаларининг нафақат бўлим ва боб мантиқий булинишини, балки ҳар бир бобнинг ичида жойлашган моддаларнинг рақамланиши ва айримларини махсус рақамлар билан белгиланишини ўз ичига олади. ЖКнинг махсус қисмининг тизимланишининг асоси сифатида жиноятнинг махсус объекти олинган. Шунингдек, ЖКнинг ҳар бир боби жиноятнинг турли объектига қараб бўлинган. Шунга асосан, ЖК махсус қисмининг I бўлимида шахсга қарши жиноятлар жойлашган, шу бўлим эса жиноятнинг махсус объектиги кўра 7та бобдан иборат: 1) ҳаётга қарши жиноятлар; 2) соғлиққа қарши жиноятлар; 3) ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли жиноятлар; 4) жинсий эркинликка қарши жиноятлар; 5) оилага, ёшларга ва ахлоққа қарши жиноятлар; 6) шахснинг озодлиги, шаъни ва қадр-қимматига қарши жиноятлар; 7) фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига қарши жиноятлар.
ЖК Махсус қисми 8 бўлим 25 бобдан иборат бўлиб, бундай тизимни ишлаб чиқишда турли омиллар эътиборга олинган. Биринчи ўринга Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Инсон ҳуқуқларининг умумжаҳон декларациясига мувофиқ шахсга қарши жиноятлар қўйилди. ЖКнинг ҳар бир бўлими ва ҳар бир бобида ижтимоий хавфлилиги юқори бўлган жиноятлар биринчи, кейин хавфлилиги камроқ, ундан кейин эса ижтимоий хавфи унчалик катта бўлмаган жиноятлар жойлаштирилган. Баъзан бу қоидадан истиснолар ҳам бор, масалан ЖКнинг 150-моддаси (урушни тарғиб қилиш) «Тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар» бўлимида тинчлик ва инсоният хавфсизлигига қарши қаратилган хавфли жиноятлардан олдин келади. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, жиноят ҳуқуқи Махсус қисми нормалари бевосита объектига қараб жойлаштирилган. Ўзбекистон Республикаси давлати жиноят ҳуқуқи Махсус қисми нормаларида ўзининг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий манфаатларини акс эттириши билан қандай қилмишлар уларга зид эканлиги ва демак, жиноий жазони қўллаш таҳдиди билан ман қилинганлигини кўрсатади. 2. Жиноятларни квалификация қилишнинг илмий асослари. Ўзбекистон Республикаси ЖКда назарда тутилган, жиноят таркибида жиноятнинг барча белгилари мавжуд бўлган ижтимоий хавфли қилмиш учун жавобгарлик белгиланган. Жиноий жавобгарликка тортиш ва жазо тайинлаш учун шахс ЖК махсус қисмининг айнан қайси нормасини бузганлигини аниқлаш лозим. Бунда содир этилган қилмишнинг жиноят таркиби ЖК махсус қисмида назарда тутилган ёки тутилмаганлигини аниқлаш лозим. Бу жараён жиноятни квалификация қилиш жараёни деб аталади. Содир этилган жиноятни тўғри квалификация қилишни таъминлаш – хуқуқни мухофаза қилувчи органларнинг асосий вазифасидир.