Qadimgi afrika va janubiy arabiston sivilizatsiyasi
Qadimgi afrika va janubiy arabiston sivilizatsiyasi
Африка қитъасининг Мисрдан сўнг энг қадимий маданий ўзаги бу Куш давлатидир. Куш Нил дарёсининг ўрта оқимида 4 остонадан юқорида жойлашган. Бу давлат Миср билан мил.авв. II минг йилликдан бошлаб тарихда яқин алоқада бўлиб келган. Шу даврдан бошлаб Миср маданияти Кушда устунлик қила бошлайди. Лекин мил.авв. 700 йилда Куш подшоси Кашта, кейинроқ Пианхи ва Тахарка Мисрни истило қилади. Напата шаҳри мил.авв. VI асргача Куш пойтахти эди. VI асрда (мил.авв. 540 й.) Куш давлати марказий шаҳри Мероэ бўлиб, Нил дарёси бўйида, серҳосил водийда жойлашган. Бу шаҳар Африканниг жанубий, ғарбий, шимолий қисмларини боғлаб турувчи савдо маркази ҳам эди. Бундан ташқари мероэликлар Арабистон, Ҳиндистон билан ҳам савдо алоқалари олиб борган деб тахмин қилинади. Бунга мероэликлар динида ҳиндларникига ўхшаш уч бошли шер худо (Апедемок) ва фил минган худолар тасвирининг пайдо бўлишига қараб хулоса қилинади. Кушнинг диний маркази бўлган Шебел Берколда Миср, Юнон, Рим таъсиридаги ибодатхоналар қурилиши шимолий Африка билан мунтазам алоқалар олиб борилганини кўрсатади. Страбон маълумотига кўра, Миср провинцияси бошлиғи Гай Петроний Арабистонга юриш қилганда мероэликлар Амна шаҳрига ҳужум қилиб уни талайдилар, Император Августнинг бозор майдонидаги ҳайкалини олиб кетадилар. Гай Петроний ҳарбий юриш қилиб, мероэликлар кондаки (малика)сини жазолаган. Милодий 64 йилда эса, римликлар қайта ҳарбий юриш қилганлиги маълумотлари мавжуд.
Мероэ ва напаталиклар ўз ёзувларини ишлаб чиққанлар. Ёзувда 23 та ҳарф бўлиб, уларни асосан ундош товушлар ва чўзиқ унлилар ифода этган. Қисқа унлилар одатда ёзилмай, матнда мазмунан англанган. Мероэда дастлаб подшолар Миср фиръавнларига хос пирамидаларда дафн этилган. Ҳажм жиҳатдан кичик бўлган бу пирамидалар қурилиши ва безатилишда фиръавнларникидан ортда қолмаган. Металга ишлов бериш Мероэда мил.авв. IV асрдан бошланган деб хулоса қилинади. Чунки мил.авв. 360 йилда вафот этган подшо Хорсиотеф пирамидасидан металл буюмлар топилмаган, ундан кейинги ёдгорликларда эса учрайди. Шундай бўлсада, Мероэ Африкадаги энг қадимги темир ишлаб чиқариш марказларидан бири бўлиб ҳисобланади. Куш, Напата, Мероэ ёдгорликлари умумий ном билан одатда Мероэ цивилизацияси деб номланади. Чунки фақат Мероэ шаҳри Куш маркази бўлгач, ўзига хос анъаналар, цивилизация шаклланди. Мероэда турар жойлар ҳам ўзига хос бўлиб, ҳовли девор билан ўралган ва бир неча хоналардан иборат бўлган. Мероэ шаҳрини археологик жиҳатдан ўрганиш чоғида мил.авв. VIII- милодий IV асрларда бу шаҳар мавжуд бўлганлиги, унинг энг гуллаган даври эса мил.авв. III милодий II асрларга тўғри келиши, хўжалик ҳаётда савдо-сотиқнинг ўрни катта аҳамиятга эгалиги аниқланган. Милодий IV асрда Эфиопияда пайдо бўлган Аксум давлатининг савдодаги рақобатчисини кучсизлантириш учун қилган талончилиги Мероэ цивилизациясининг емирилишига асосий сабаб бўлган деб ҳисобланади.
Ғарбий Суданда ташкил топган илк давлатлардан Гана ҳақида IV асрда ярим афсонавий маълумотлар мавжуд бўлса, VIII асрда дастлабки маълумотлар мавжуд деб қараш лозим. Гана давлати қадимий туз йўлида ташкил топган бўлиб, ўша давр сайёҳлари уни олтинга бой ўлка деб таърифлайди (Ал-Маъсудий). Гана давлати 1203 йили Сосо қабиласи томонидан қулатилади. Гана ҳудудларини 1235 йил Мали давлати босиб олади. Нигер дарёсининг юқори оқимида Мандинго халқи Х I асрда кичкина Кангаба князлигини тузади. Альморавий сулоласи (шимолий Африка) Мандинго халқини ислом динига киришида катта таъсир кўрсатади. Сосо қабиласи етакчиси Сумангуру Гана давлатини босиб олган даврда Кангаба давлатини ҳам босиб олади. Кейинчалик Сундиатта Мандинго қабиласини озод қилиб, Кангаба давлатини тиклайди. Сосо қабиласини мағлуб этиб, Нигер дарёси бўйида Ниани шаҳрига асос солади. Бу шаҳар пойтахт бўлиб қолади, давлат эса Мали деб юритила бошланади. 1235 йил Мали давлатига асос солинган сана деб қабул қилинган. Унинг ҳудудларига Нигер, Гамбия дарёлари ҳавзаси, олтинга бой Вангора, Бамбук ҳудудлари киради. Манси Мусо ҳукмдорлиги даврида Мали энг қудратли ва бой давлатга айланади.